(GMT+5) | 29.09.2022

«ОЧИҚ БЮДЖЕТ» АХБОРОТ ПОРТАЛИДА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ АСОСИДА ШАКЛЛАНТИРИЛГАН ВА ТЕГИШЛИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТЛАР МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН МОЛИЯЛАШТИРИЛАЁТГАН ТАДБИРЛАР ИЖРОСИ

       Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сонли Фармонига асосан тасдиқланган “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 21-мақсадига мувофиқ – ҳар бир туман ва шаҳар бюджетлари маблағларининг белгиланган миқдорларини “Фуқаролар бюджети”га йўналтириш орқали аҳолининг таклифлари асосида жойлардаги долзарб муаммоларни ечиш учун сарфланишига алоҳида эътибор қаратилган.

      Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5072-сон қарорига асосан ҳар бир туман (шаҳар) бюджетининг 5 фоиз маблағлари ҳамда қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га йўналтирилиши, шунингдек, “Очиқ бюджет ахборот порталида жамоатчилик томонидан келиб тушган ҳамда фуқаролар томонидан (энг кўп овоз йиғиш орқали) долзарб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланган.

     Тошкент вилояти бўйича Ташаббусли бюджет жараёнининг 2022 йил феврал-март ойларида ўтказилган мавсуми доирасида туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан жами 112,0 млрд.сўмга яқин маблағлар йўналтирилиб, “Очиқ бюджет” ахборот порталида фуқаролар томонидан 4 498 та (2021 йилдаги 2 329 та таклифга нисбатан икки баробар кўп) таклифлар илгари сурилди.

       Ахборот порталига келиб тушган таклифларни ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан тегишли мезонлар (Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг КҚ-213-IV-сон қарори билан тасдиқланган Низом)га мувофиқ саралаш (модерация) жараёнлари якунига кўра 2 225 та (2021 йилда 1 464 та) таклифлар саралаб олиниб овоз бериш жараёнига ўтказилди ҳамда 504 мингдан ортиқ (вилоят жами аҳолисининг 17 фоизи) овозлар берилди.

      Маълумот ўрнида, 2021 йилда фуқаролар томонидан 1 464 та таклифларга 104 мингдан ортиқ (вилоят жами аҳолисининг 3,5 фоизи) овозлар берилган бўлиб, бу борадаги кўрсаткичлар 2022 йилда қарийиб беш баробарга кўплиги фуқароларнинг ушбу жараёнга бўлган ишончи ва фаоллиги ортганлигини яққол кўрсатиб турибди.

      2022 йилнинг илк мавсумидаги овоз бериш жараёни якунларига кўра ажратилган маблағлар доирасида вилоят бўйлаб энг кўп овоз тўплаган жами 223 та (2021 йилда 114 та) лойиҳалар “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали автоматик равишда “ғолиб” деб топилди.

       Бундан ташқари, Ташаббусли бюджет жараёнларида фуқароларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари сурилган лойиҳаларда акс эттирилган долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 апрелдаги ПҚ–197-сон “Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

        Қарорга кўра, 2022 йилнинг феврал-март ойлари давомида ўтказилган Ташаббусли бюджет жараёнларида Тошкент вилояти бўйича ҳар бири 2 мингдан ортиқ жами 22,9 минг овоз тўплаган, лекин “ғолиб” деб топилмаган 7 та (республика бўйича 139 та) лойиҳаларни

амалга ошириш учун республика бюджетидан қўшимча равишда 5,3 млрд.сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

        Натижада, вилоят бўйича “ғолиб” деб топилган лойиҳалар сони 230 тани ташкил этиб, ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган маблағлар миқдори 117,3 млрд.сўмга етди. Қиймати 116,4 млрд.сўм бўлган жами 230 та ғолиб таклифлар қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олади, булар:

 

     – умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари бўйича қиймати 32,3 млрд.сўмлик 83 та лойиҳа;

– ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгич) таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар бўйича қиймати 53,0 млрд.сўмлик 73 та лойиҳа;

– кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар бўйича қиймати 3,0 млрд.сўмлик 13 та лойиҳа;

– мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари бўйича қиймати 3,3 млрд.сўмлик 12 та лойиҳа;

– соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари бўйича қиймати 5,7 млрд.сўмлик 11 та лойиҳа;

– ичимлик суви ва оқава тизимини яхшилаш билан боғлиқ тадбирлар бўйича қиймати 5,7 млрд.сўмлик 8 та лойиҳа;

– қонун хужжатлари билан белгиланган мезонларга мувофиқ бошқа тадбирлар (ободонлаштириш, спорт муассасалари ва бошқалар) бўйича қиймати 13,4 млрд.сўмлик 30 та лойиҳалардан иборат. 

   Эслатиб ўтамиз, Ташаббусли бюджет жараёнлари бўйича “ғолиб” деб топилган лойиҳаларда белгиланган ишларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши ҳамда ўз вақтида молиялаштирилишини назорат қилиш борасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда Бош прокуратура томонидан доимий назорат ўрнатилган.

         Шу муносабат билан, Фуқароларимиздан ушбу жараёнларда фаол иштирок этишларини ва ташаббус кўрсатган ҳолда ўзларини қийнаб келаётган, ечими маблағ билан боғлиқ ижтимоий муаммоларни ҳал этиш имкониятидан кенг фойдаланишларини сўраб  қоламиз.